Шоҳимардон саёҳати. 2-қисм. Гавжум қадамжолар

Гавжум қадамжолар

Шоҳимардон марказидан узоқроқда бўлган, асосан машинада бориб кўриладиган масканлар:

Ёрдон – Шоҳимардоннинг ғарб тарафида, қишлоқ марказидан 5 километр узоқликда жойлашган.  Шоҳимардон марказидан бу ерга қатновчи таксилар ҳар бир пассажир учун 500 сўмдан ҳақ олишади. Ёрдон қишлоғи ўзининг арчалари, сойлари, қизилтошли тоғлари билан машҳур. Одатда, саёҳатчилар Ёрдонга Оқсувнинг кенгайган қисмини, юқоридан тушувчи бошқа сойнинг Оқсув билан қўшилиш жойидаги шаршарани кўриш учун ташриф буюрадилар. Дарё водийсида сел оқизиб келган улкан харсангтошларни кўриш мумкин.

Оқсув ўзанидаги сел оқизиб келган тошлар

1998 йил 8 июл куни Шоҳимардонда юз берган тошқин ҳам Ёрдон қишлоғидаги Оқсув дарёси юқорисидан келган. Куннинг тезкор исиши натижасида тоғдаги музли дамбанинг ёрилиши оқибатида тошқин юз берган. Фожиа оқибатида 100 дан ортиқ дам олувчилар ва маҳаллий аҳоли вакиллари қурбон бўлган, 100 лаб турар-жойлар вайрон бўлган.

Селлар оқибатида кенгайган дарё водийси

Сел оқизиб келган харсангтошлар

Фожеа ҳақида биринчи бўлиб Россия оммавий ахборот воситалари маълум қилишганди. Улардан ярим кун ўтганидан кейин эса Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар беришди. Шунинг учун ҳам халқ орасида миш-мишлар ва дезинформация тарқалган. Ҳатто, баъзи хориж оммавий ахборот воситалари қурбонлар сонини 5000 га етгани ҳақида ҳам айтишган.

Ёрдон манзаралари

Қизилтоғ ён бағри

Оқсув дарёси водийси

Шошқин Оқсув дарёси

Ёрдон тоғлари

Оқсувга қўшилувчи сой

Икки сой қўшилувида ҳосил бўлган шаршара

Сой оқизиб келган харсангтошлар шаршарани ҳосил қилади

Чучук сувли тоғ сойи шаршара бўлиб жарликка оқади

Икки сойнинг қўшилув жойи

Кўли Қуббон – Шоҳимардоннинг жануб тарафида, қишлоқ марказидан 5 километр узоқликда, Қирғизистон Республикаси ҳудудида жойлашган. Йўлда чегара пости борлиги сабабли паспортларни олиш мақсадга мувофиқ.

Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда жойлашган ушбу тектоник кўлга етиб бориш учун аввал машинада Бешпанжатоғ ёнбағригача етиб олинади. Сўнг Қирғиз оғаларга тегишли канат йўлда ёхуд пиёда тепага кўтарилади. Канат йўлининг ҳақи бориш ва келиш 3000 сўм.

Тоғлар оша пиёда кўлгача етиб бориш жуда мароқли. Кўксув дарёси айнан шу тоғлардан жилға бўлиб, оқиб тушиб, катта сойга айланади. Улкан харсангтошлар оралаб ўтадиган йўлдан ярим-бир соатча тепага қараб юрсангиз, манзилга етасиз.

3000 метр баландликдаги тоғ бағрида юзага келган Қуббон кўли ёки Кўк кўл табиат мўъжизаси сифатида жуда гўзал бўлиб, айниқса ҳаво очиқлигида осмон ранги билан туташиб, ажиб манзара ҳосил қилади. Тоғлар орасида жойлашган ушбу кўл суви жуда совуқ бўлганлиги учун унда бирон ўсимлик ўсмайди ва ҳайвонот олами ҳам мавжуд эмас. Кўк кўлдан қайиқлар орқали юқорироққа борилса, яна бир кичик кўл ва дарё водийси намоён бўлади. Қайиқларда сузиб олиб ўтиб қўйиш учун 2000 сўм тўлашингиз керак бўлади. Нариги кўлга ўзингиз ўтсангиз ҳам бўлади, лекин хавфли тоғ йўлидан уёққа ўтиш учун кўп вақт талаб этилади.

Кўли Қуббонга қатновчи канат йўли

Катта дарёлар шу ердан бошланади

Кўлга чиқиш йўлидаги Бешпанжа тоғи

Кўли Қуббоннинг умумий кўриниши

Кўли Қуббон (ҳаво булутли эканлиги учун сув ранги тиниқ чиқмади. Булутсиз кунда кўл суви кўм-кўк кўринади)

Кўлни ўраб турувчи тоғлардан бири

Кўлга олиб борувчи сўқмоқ

Баланд тоғлардан сизиб чиққан жилғалар қўшилган сой

Кўлда никоҳ маросими

Кўли Қуббонга чиқиб борганимда тоғ бағридаги кўл ўртасида никоҳ маросими бўлаётган экан. Икки ёш қирғиз келин-куёвлари дўстлари билан қайиқларда ўзларининг тўйларини нишонлаётган эканлар. Келин-куёвлар, шунча тоғ-тошдан ўтиб, кўл ўртасида никоҳдан ўтишлари жуда қизиқ бўларкан.

Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўлда никоҳ маросими

Дугоба – Шоҳимардоннинг ғарб тарафида, қишлоқ марказидан 20 километр узоқликда жойлашган. Арчазор тоғлардан иборат бу масканда бирқанча табиат мўъжизаларининг гувоҳи бўлишингиз мумкин. У ерга анча-мунча машина чиқа олмайди, асосан, “Виллис”, “Нива” каби тоғбардош уловлар чиқа олади. У ердаги шаршаралар, арчаю қарағай, писта дарахтлари, сойлар ҳақиқий Швейцарияни эслатади.

Кўксув дарёси

Сой бўйида ўсган гул

Бошқа гўшалар:

Чаккатомар – булоқ, Оқсув бўйидаги тоғ остидан чиқади. Шоҳимардон марказидан 50 метр юқорида.

Жаннатариқ – Кўксув дарёси юқорисида жойлашган ариқ. Суви муздек бўлса-да, овлоқроқ жойда чўмилиш мумкин.

Ҳазрат Али рамзий мақбараси – Шоҳимардон маркази юқори қисмидаги майдонда жойлашган. Майдонга +/- 240 талик зина ёки эскалатор орқали кўтарилади.

Ҳазрат Шайх Толиб Ҳужжатуллоҳ мақбараси – Ҳазрат Али рамзий мақбараси чап томонида жойлашган.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мавзолейи – Юқоридаги майдоннинг марказида жойлашган. Авваллари одамлар мана шу мавзолейга ҳам пул ташлашарди. Ҳозир ҳам тош устида дурра, ташланган пулларни кўриш мумкин.

Ҳамза номидаги музей – майдоннинг юқори тарафида. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва Шоҳимардон тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар мавжуд.

Кўксув ва Оқсув дарёларининг қўшилиш жойи

Дарёлар бирлашган жой. Икки хил сув

3 thoughts on “Шоҳимардон саёҳати. 2-қисм. Гавжум қадамжолар

  1. Ajoyib joylar ekan rahmat.
    Qator-qator moshinalar bilan shahar aylanishmabdiyu, ko’l aylanishibdida, bu tinib tinchimagan odamlar…

  2. MashaAlloh juda ajoyib juda chiroyli…
    Ammo mana bu nikoh marasomini ko’rib, AQSH ham hijolatda bo’lsa kerak

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *